
Бугун — Бутунжаҳон саломатлик куни
“Соғлик — ҳамма учун!”. Бутунжаҳон саломатлик кунининг бу йилги шиори шундай. Барчанинг соғлом бўлиши учун ҳаммамиз интилайлик, қайғурайлик, деган глобал мақсад бор замирида.
Бугун — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 75 ёшда. 1948 йилнинг 7 апрелида ЖССТга асос солинган. Ўшандан буён ҳар йили мазкур сана Бутунжаҳон саломатлик куни сифатида кенг нишонланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам!
Мамлакатимиз 1992 йил 25 майдан ушбу ташкилотга аъзо. 1993 йилда очилган ЖССТнинг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда саломатлик билан боғлиқ масалаларнинг халқаро даражадаги ечимига муносиб ҳисса қўшиб келяпмиз.
Айниқса, пандемия даврида Ер юзи аҳолиси соғлиги учун ҳамжиҳатлик нақадар муҳимлигини барча чуқур англаб етди. Шу нуқтада яна Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўмак ва тавсияларига суяндик.
“Мамлакатлар умумий мақсад йўлида бирлашганда, кўп нарсага эриша олишига гувоҳмиз, — дейди ташкилот бош директори Тедрос Гебрейесус. — Ўтган даврда қўлга киритилган ижобий натижалар кам эмас, албатта. Аммо олдимизда ҳали жуда кўп вазифалар турибди.
Ер юзида турли эпидемия ва пандемиялар хавфи чекингани йўқ. Носоғлом турмуш тарзи, иқлим инқирози билан боғлиқ глобал муаммолардан самарали ҳимояланиш лозим.
Бунга эришиш учун тиббиёт ходимларини мунтазам қўллаб-қувватлаш, улар сафини кенгайтириш ва малакасини ошириш зарур. Чунки дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш хизматларига талаб ва эҳтиёж тез суръатлар билан ўсмоқда. Масалан, 2030 йилга бориб, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда камида 10 миллион тиббиёт ходими танқислиги юзага келиши мумкин”.
Қолаверса, атмосферанинг ифлосланиши, глобал исиш, сув танқислиги, кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш, семизлик каби қатор омиллар хавфли касалликлар кўпайиши ва эрта ўлим кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.
ЖССТ келгусида ҳам ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ҳамжиҳатликда бу глобал масалаларга ечим топишда давом этади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.