
ССВ: Ўзбек шифокорларининг учинчи гуруҳи малака ошириш учун Туркияга йўл олди
Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумга кўра, биринчи ва иккинчи гуруҳ тиббиёт ходимлари Анқара шаҳрига малака ошириш учун юборилган эди.
Бугун вазирлик масъуллари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорларидан иборат 25 кишилик учинчи гуруҳ тиббий менежмент курсларини ўташ учун Туркияга жўнаб кетди.
Улар хизмат сафари давомида:
Туркия соғлиқни сақлаш тизими, вилоят ва туман даражасида бошқарувнинг тузилиши;
шаҳар шифохоналари бошқаруви ва у ерда ишни ташкил этиш;
соҳадаги ташхислаш ва даволаш стандартларига риоя этилиши ҳамда унинг назорати;
бирламчи тизимнинг тузилиши ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳажми;
тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш;
соҳадаги молиялаштириш тизимининг ўзига хослиги;
тиббий туризмни ташкиллаштириш механизмлари;
тиббиёт ходимлари малака оширишининг ўзига хос хусусиятлари;
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари;
соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўллари;
тиббий аутсорсингнинг Туркия амалиётидаги шакллари билан яқиндан танишади.
Мутахассислар малака ошириш курслари давомида ўзлаштирган билим ва кўникмаларини миллий тиббиётимизга татбиқ қилиши кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.