Blog

ССВ: Сирдарёдаги сайёр тиббий қабулда юзлаб беморларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди

Саломатлик ва ҳотиржамлик. Инсон учун бу икки неъматнинг қадри бениҳоя улуғ. Айниқса, тани соғлом, руҳи тетик одамгагина ҳаётнинг гўзаллиги ва қувончлари татийди.

Шу маънода бугун мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт соҳасини халққа янада яқинлаштириш, бирламчи тиббиёт тизимида кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, жорий йил давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти мазкур йўналишдаги ишларни том маънода янги босқичга олиб чиқди.

Учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари, юртимизнинг олис гўшаларида яшовчи беморлар ҳузурига малакали шифокорлар, етакчи тиббиёт олимларининг ўзлари кириб бораётгани сифатли тиббий хизматни “маҳаллагача тушириш”, уни одамларга янада яқинлаштиришга хизмат қилаётир.

Хабарингиз бор, бундан бир муддат аввал Тошкент вилоятида мутасадди идоралар, 20 га яқин даволаш ва реабилитация марказлари ҳамда ҳудуддаги туман тиббиёт бирлашмалари мутахассислари иштирокида мазкур йирик тадбирнинг навбатдаги босқичига старт берилган эди.

Ушбу эзгу ташаббуснинг бу галги манзили Сирдарё вилояти бўлди. Эрта тонгдан Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси биносига вилоятнинг 3 та шаҳар ва 8 та туманидан юзлаб аҳоли вакиллари йиғилди. Муаммоли масалалар билан келган мурожаатчиларни вазирлик масъуллари қабул қилди.

Шунингдек, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари ҳамда маҳаллий мутахассислардан иборат махсус гуруҳ хаста фуқаролар мурожаатларини ўрганиб, уларга зарур кўрсатмалар берди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ беморларга имтиёзли йўлланмалар тақдим этилди.

Гулистонлик бемор 10 йиллик оғир дарддан халос бўлади

Гулистон шаҳар Тараққиёт маҳалласида яшовчи Матлуба Аҳмедова 10 йилдан бери коксартроз хасталигидан азият чекади. Саломатлигига ўз вақтида эътибор бермаслиги оқибатида касаллик иккинчи оёғига ҳам ўтган. Сўнгги пайтларда оғир дард янада зўрайиб, Матлуба опани қийин аҳволга солиб қўйди. Бунинг устига даволанишга имкони йўқлиги сабабли эндопротезлаш амалиёти ортга сурилиб келаётган эди.

Оммавий қабул доирасида унинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан учрашуви саломатлиги билан боғлиқ барча муаммолари ҳал бўлишига йўл очди. Фуқаро имтиёзли асосда мамлакатимизнинг малакали мутахассислари томонидан бепул операция қилинадиган бўлди.

Бу — Сирдарё вилоятида ўтган сайёр қабулда ўз дардига даво топишини эшитиб, мамнун бўлган юртдошларимиз тақдиридан айрим лавҳалар, холос. Соғломлаштириш акцияси давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.